Ижтимоий шериклик ва ҳуқуқий ҳимоя: Гулистонда янги жамоа шартномаси қабул қилинди

Таълим муассасаларида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда жамоа шартномалари муҳим пойдевор ҳисобланади. Шу мақсадда, 2026 йил 3 март куни Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактабида меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуман кун тартибидан 2025 йил давомида амалга оширилган ижтимоий ҳимоя тадбирлари сарҳисоби ҳамда 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномасини тасдиқлаш масалалари ўрин олди.
Йиғилиш аввалида мактаб директори Маҳмуд Мамадов ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Насиба Қулмановаларнинг ҳисоботлари тингланди. Маърузачилар томонидан 2025 йил давомида ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, соғлиғини тиклаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш борасидаги бандлар ижроси атрофлича баён этилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан тайёрланган маълумотнома-далолатнома таништирилди. Унда шартнома бандларининг ижро этилиш ҳолати рақамлар ва далиллар асосида таҳлил қилинган бўлиб, жамоа аъзолари томонидан ўтган даврдаги фаолият ижобий баҳоланди.
Тадбирнинг муҳим қисмида 2026–2028 йиллар учун мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжатда ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат таътили ва дам олиш вақтларини самарали ташкил этиш, шунингдек, ёш мутахассисларга моддий ва маънавий кўмак бериш каби бандларга алоҳида урғу берилган.
Муҳокамалар якунида жамоа аъзоларининг бир овоздан маъқуллаши билан янги жамоа шартномаси расман қабул қилинди ва келгуси уч йиллик фаолиятнинг асосий меъёрий ҳужжати сифатида тасдиқланди.
Бу каби тадбирлар мактаб жамоасида соғлом ишчи муҳитини шакллантириш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, ходимнинг манфаати ҳимояланган жойда таълим сифати ва самарадорлиги ҳам юқори бўлади.
