Аёлга эҳтиром — жамиятга эҳтиром: Когон шаҳрида таълим соҳаси ходималари шарафланди

Баҳор нафаси кириб келиши билан табиат уйғониши баробарида қалбларимизга илиқлик югуради. Ушбу гўзал фаслнинг илк байрами — 8 март, Халқаро хотин-қизлар куни мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Когон шаҳрида ҳам ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик билан нишонланмоқда.

Жорий йилнинг баҳор айёми илк кунларида таълим соҳасида меҳнат қилаётган заҳматкаш ходималар ва кўп йиллар давомида соҳа ривожига ҳисса қўшган фахрий устозлар учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Таълим ва фан ходимлари Когон шаҳар кенгаши, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Аёлга эҳтиром» деб номланган ушбу кеча нафақат байрам, балки гўзаллик, нафосат ва қадр-қиммат байрамига айланди. Тадбирга ташриф буюрган ҳар бир аёл-педагог гуллар ва илиқ табассумлар билан кутиб олинди.

Жамият ривожида, хусусан, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда аёл-педагогларнинг ўрни беқиёс. Тадбир давомида сўзга чиққанлар таълим тизимидаги ютуқлар замирида айнан опа-сингилларимизнинг фидокорона меҳнатлари ётганини таъкидладилар.

Айниқса, кўп йиллик тажрибага эга, бугунги кунда нафақада бўлган фахрий устозларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди. Уларга кўрсатилган эҳтиром ёш мутахассислар учун ўзига хос ибрат мактаби бўлди.

Тантанали кеча давомида ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар, шеърий чиқишлар ва бадиий дастурлар байрам иштирокчиларига унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Байрам дастури давомида аёллар шаънига айтилган дил изҳорлари ва мақтовлар қалбларга қувонч бағишлади.

Бу каби тадбирлар аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг касбий фаолиятига бўлган меҳрини ошириш ва муносиб рағбатлантириш йўлидаги хайрли ишларнинг узвий давомидир.

Добавить комментарий