Таълим ва илм-фан фидойилари эъзозда: Байрам табриклари ўз эгаларига етказилди






Баҳорнинг илк кунлари мамлакатимизда ўзгача шукуҳ билан бошланди. Зеро, бу фасл нафосат ва гўзаллик байрами — 8 март, Халқаро хотин-қизлар куни билан уйғунлашиб кетган. Ушбу айём арафасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши соҳа ривожига беқиёс ҳисса қўшаётган аёлларни алоҳида эҳтиром билан қутлади.
Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирлар доирасида таълим тизимининг юқори бўғинларида фаолият юритаётган раҳбар аёллар ва фидойи ходималарга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирлар давомида Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Гапержановна Каримова ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Ҳилола Ўктамовна Умаровалар самимий муборакбод этилди. Уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг махсус байрам совғалари тантанали равишда топширилди.
Бу эътироф нафақат шахсий ютуқлар, балки мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, ёш авлодга замонавий билим бериш ва илм-фанни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатнинг мевасидир.
Республика кенгаши вакиллари нафақат раҳбариятни, балки соҳанинг барча бўғинларида меҳнат қилаётган хотин-қизларни ҳам ёддан чиқармадилар. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирилигида фаолият юритаётган бир гуруҳ фаол аёлларнинг хизматлари алоҳида қайд этилди.
Республика кенгаши томонидан тайёрланган эсдалик совғалари ва байрам табрикномалари вазирликларга бориб, ўз эгаларига етказилди. Ушбу кичик эътибор ва мурувват ходималарнинг касбий фаолиятига бўлган меҳрини янада ошириб, уларга юқори кайфият бағишлади.
Жамият кўрки, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларни қадрлаш халқимизга хос энг олижаноб фазилатдир. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар соҳадаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва инсон қадрини улуғлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва муҳтарама устозлар, олималар ва фидойи ходималар!
