«Хотин-қизларни қадрлаш – эзгулик ва адолат мезони»: Нукусда таълим тизими аёллари ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида таълим соҳасида меҳнат қилаётган аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи оммавий спорт байрами юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 5-6 март кунлари Нукус шаҳридаги 17- ва 32-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг спорт базаларида ҳақиқий байрамона ва спортча кайфият ҳукм сурди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан «Хотин-қизларни қадрлаш – эзгулик ва адолат мезони» мавзуси остида волейбол бўйича ўтказилган спорт мусобақаси шулар жумласидандир.

Мазкур мусобақада шаҳар бўлинмаси тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган хотин-қизлардан иборат жамоалар волейбол майдончасида ўзаро куч синашдилар. Тадбирнинг асосий мақсади мунис аёлларимизни баҳор айёми билан қутлаш баробарида, улар орасида соғлом турмуш тарзини ва спортни оммалаштиришдан иборат бўлди.

Қизғин баҳслар ва муросасиз курашларга бой бўлган беллашувлар иштирокчиларнинг спортга бўлган меҳрини янада жонлантирди. Майдондаги ҳар бир ҳаракатда жамоавий руҳ, аҳиллик ва ғалабага бўлган юксак иштиёқ яққол намоён бўлди. Таълим фидойилари бўлган аёлларимиз нафақат ўз касбида, балки спортда ҳам катта масъулият ва уюшқоқликни намойиш этдилар.

Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган жамоалар ва энг фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди. Уларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан махсус дипломлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Мазкур спорт тадбири хотин-қизлар учун ўзига хос байрам туҳфаси бўлиши билан бирга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим амалий қадамга айланди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий