«Муқаддас ва мўътабар устоз сиймосига таъзим қиламиз»: Наманганда фахрий аёл-педагоглар йўқланди



8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Наманган шаҳрида кўп йиллар таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилган фахрий аёл-педагоглар ҳолидан хабар олиниб, уларга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган фахрий устозларни йўқлаш ва уларни моддий-маънавий рағбатлантириш гўзал анъанага айланган. Жорий йилнинг 7 март куни ана шу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида байрам олдидан «Муқаддас ва мўътабар Устоз сиймосига таъзим қиламиз» шиори остида хайрия тадбирлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида Наманган шаҳридаги 4-, 6-, 9- ва 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақада бўлган Маъсудахон Турғунова, Маҳмудахон Шарипова ҳамда Манзурахон Эгамбердиеваларнинг хонадонларига ташриф буюрилди.
Шунингдек, 3- ва 18-умумтаълим мактабларида ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли вазифани адо этиб, ҳозирда қарилик гаштини сураётган Хосиятхон Аббасова ва Эътиборхон Эргашева каби муҳтарама устозлар ҳолидан ҳам манзилли хабар олинди.
Самимий мулоқотлар давомида фахрий педагогларга касаба уюшмасининг байрам табриклари етказилиб, уларга қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда тақдим этилди. Ўз навбатида, кўрсатилган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган устозлар тизим масъулларига ўзларининг чуқур миннатдорчиликларини билдирдилар. Бу каби йўқловлар кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган меҳр-оқибат ва қадр-қимматнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши
