Ҳашар — ҳамжиҳатлик ва меҳр рамзи: Оққўрғонда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтмоқда



Наврўз айёми арафасида юртимизнинг барча гўшаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин тус олади. Жорий йилнинг 13–14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари доирасида Оққўрғон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида ҳам кенг кўламли тадбирлар кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.
Халқимизга хос бўлган ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва меҳр-оқибатнинг ёрқин намунаси бўлган бу анъана нафақат атроф-муҳитни тозалаш, балки қалбларни эзгуликка буришга ҳам хизмат қилади.
Бу йилги ҳашар тадбирлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси билан ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда. Оққўрғон туманида ўтаётган эзгу тадбирларда соҳа фидойилари қаторида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакиллари Д.Самарбеков, И.Ходжаев, Х.Нуриддинов ҳамда Тошкент вилоят касаба уюшмаси вакили Р.Газиевалар бевосита иштирок этдилар.
Меҳмонлар ва ташкилот ходимлари бир ёқадан бош чиқариб, таълим бўлими тасарруфидаги боғ ҳудудига яхши ниятлар билан олма дарахти кўчатларини ўтқаздилар. Экилган бу ниҳоллар келажакда мевага кириб, юртимиз экологиясига ва мўл-кўлчиликка хизмат қилиши шубҳасиз.
Ҳашар доирасида фақатгина кўчат экиш билан чекланилмай, бино атрофларини тозалаш, дарахтларга шакл бериш ва оқлаш, ариқларни тозалаш каби кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Таълим тизимида бундай хайрли амалларнинг уюшқоқлик билан ўтказилиши ёш авлод қалбида она табиатга меҳр уйғотиш, меҳнатсеварлик ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш туйғуларини шакллантиришда ўзига хос катта ибрат мактаби вазифасини ўтайди.
Оққўрғон туманида эзгулик ва яратувчанликка йўғрилган ҳашар тадбирлари давом этмоқда.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши
