Ободлик кўнгилдан бошланади: Сурхондарё таълим муассасаларида 35 мингдан ортиқ ходим ҳашарга чиқди

Янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўзи олам арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сурхондарё вилоятида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин паллага кирди. Хусусан, жорий йилнинг 13–14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган умумхалқ хайрия ҳашари вилоят таълим тизимида юқори кўтаринкилик билан ташкил этилмоқда.

Ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бунёдкорликнинг ёрқин намунаси бўлган бу анъана муассасалар қиёфасини янада кўркамлаштиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу эзгу тадбирларда таълим тизими фидойилари алоҳида фаоллик кўрсатишмоқда. Маълумотларга кўра, вилоят миқёсидаги мактаб, мактабгача таълим ва бошқа таълим муассасалари ҳовлиларида ташкил этилган шанбалик ва ҳашарларда жами 35 000 дан ортиқ ишчи-ходимлар ҳамда устозлар иштирок этмоқда. Бундай улкан қамров жамоалардаги аҳиллик ва она табиатга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Ҳашар қатнашчилари бир ёқадан бош чиқариб, муассасалар ҳудудида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, шанбалик давомида:

  • Таълим масканлари атрофи чиқинди ва хазонлардан тозаланмоқда;
  • Майдонлар ва гулзорлардаги ерлар юмшатилиб, тартибга келтирилмоқда;
  • Мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, уларнинг танаси оқланмоқда;
  • «Яшил макон» лойиҳаси доирасида янги кўчатлар ва баҳорий гуллар ўтқазилмоқда.

Ободлик ва тозаликка йўғрилган бу каби умумхалқ ҳашарлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом этмоқда. Зеро, ўз иш жойини, маҳалласини ва юртини обод қилган инсоннинг қалби ҳам ёруғ, келажаги ҳам фаровон бўлади. Устозларнинг бундай ташаббускорлиги ёш авлод учун экологик тарбия ва меҳнатсеварлик борасида катта ибрат мактабидир.

Добавить комментарий