Бухоро шаҳридаги «Нурли маскан» мактаб-интернатида ижтимоий шерикликнинг муҳим масалалари муҳокама қилинди



Бухоро шаҳрида жойлашган 24-сонли «Нурли маскан» мактаб-интернатида ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжат — жамоа шартномасининг ижроси сарҳисоб қилиниб, келгуси уч йиллик учун янги вазифалар белгилаб олинди.
Жорий йилда мазкур таълим муассасасида маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши юқори савияда ўтказилди. Тадбирнинг асосий кун тартибидан 2023–2025 йилларга мўлжаллаб тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги бажарилишини таҳлил қилиш ҳамда 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги лойиҳани қабул қилиш масалалари ўрин олди.
Йиғилиш давомида кун тартибидаги масалалар юзасидан мактаб-интернат директори ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раисининг батафсил ҳисоботлари тингланди. Маърузачилар ўтган давр мобайнида ўқитувчи ва тарбиячиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Муҳокамалар ва таҳлиллар натижасида, йиғилиш иштирокчилари томонидан жамоа шартномаси бандларининг 2025 йилдаги ижро ҳолати муҳокама қилиниб, амалга оширилган ишлар меҳнат жамоаси томонидан бир овоздан «қониқарли» деб баҳоланди.
Тадбир якунида мактаб-интернат маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида ҳамкорликда ишлаб чиқилган 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси кўриб чиқилди. Ходимларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда, ушбу муҳим ҳужжат меҳнат жамоаси томонидан маъқулланди ва бу борада тегишли қарорлар қабул қилинди. Мазкур янги келишув келгуси йилларда ҳам мактаб-интернат фидойиларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
