Тафаккур ва билим ғалабаси: Ренессанс таълим университетида халқаро олимпиада ғолиблари ва стипендиатлар тақдирланди






Ренессанс таълим университетида илм-фан чўққиларини забт этаётган иқтидорли талабалар ҳамда уларнинг заҳматкаш устозларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Халқаро майдондаги ғалабалар ва нуфузли грантлар соҳиблари эътироф этилган ушбу тадбир ёшларнинг илмга бўлган иштиёқини янада жонлантирди.
Жорий йилнинг 2 апрель куни ўтказилган мазкур тантанали кечада 2026 йилнинг 23–28 март кунлари Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган «Open Mathematical Olympiad for University Students (OMOUS–2026)» халқаро математика олимпиадаси ғолиблари шарафланди. Шу билан бирга, Президент ва номдор давлат стипендиялари совриндорлари ҳамда бир йиллик таълим грантини қўлга киритган ёш талабалар жамоатчиликка таништирилди.
Маросимда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Абдухалил Расулович Рахмонов иштирок этиб, табрик сўзига чиқди. Кенгаш раиси ўз нутқида иқтидорли талабаларни улкан муваффақиятлари билан самимий муборакбод этар экан, ушбу юксак натижаларга эришишда фидойи устозларнинг беминнат ҳиссаси ва узлуксиз меҳнати борлигини алоҳида эътироф этди.
Устозларга эҳтиром ва чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгашининг қимматбаҳо эсталик совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, кенгаш томонидан ғолиб талабалар ва уларнинг устозлари учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этиб берилиши маълум қилинди. Бу хушхабар йиғилганлар томонидан катта қувонч билан қарши олинди.
Тадбир давомида Ренессанс таълим университетининг 5 нафар энг иқтидорли талабаси Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ҳамда бошқа нуфузли номдор стипендиялар соҳиби сифатида тақдирлангани эълон қилинди. Бундан ташқари, яна 20 нафар талаба 100 фоизлик таълим грантини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини яна бир бор амалда намоён этди.
Бу каби ютуқлар ёшларнинг илм-фанга бўлган интилиши, тинимсиз изланиши ва қатъий меҳнатининг ёрқин маҳсулидир. Барча ғолиб ва совриндорларни ушбу зафар билан самимий қутлаб, уларнинг келгуси ўқиш ва илмий фаолиятларида янгидан-янги чўққиларни забт этишларига тилакдошмиз!
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши
