Тарихий қадамжоларга сафар: Ангренлик таълим фидойилари Самарқанд шаҳрига саёҳат қилди

Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш ва меҳнаткашларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида фаолият юритаётган бир гуруҳ таълим соҳаси вакиллари учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига унутилмас маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ангрен шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 4-5 апрель кунлари таълим тизимида фидокорона меҳнат қилаётган 50 нафар ишчи-ходимдан иборат гуруҳ Самарқанд шаҳрига олиб борилди. Икки кунлик сафар давомида ангренлик устоз ва мураббийлар Буюк Ипак йўлининг маркази бўлган маҳобатли шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш имконига эга бўлдилар.

Саёҳат давомида иштирокчилар асрлар синовидан ўтган муҳташам тарихий обидалар, масжид ва мадрасалар, шунингдек, муқаддас зиёратгоҳларда бўлиб, юртимизнинг бой тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишдилар. Гидлар томонидан берилган қизиқарли маълумотлар устозларнинг тарихий билимларини янада бойитди.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмаси томонидан мунтазам ташкил этиб келинаётган бу каби саёҳатлар соҳа ходимларининг кундалик иш жараёнларидан сўнг мароқли дам олиши, саломатлигини тиклаши ва руҳий тетикланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, бундай тадбирлар меҳнат жамоаларида ўзаро дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Самарқанднинг сеҳрли тарихи ва бугунги жамолидан баҳраманд бўлган таълим фидойилари олам-олам таассуротлар ва янги куч-ғайрат билан ўз шаҳарларига қайтдилар.

Добавить комментарий