Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг муҳим йиғилиши бўлиб ўтди




Бугун таълим ва фан соҳаси фидойиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, тизимдаги долзарб вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
2026 йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши юқори савияда ташкил этилди. Тадбир замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда, видеоселектор шаклида бўлиб ўтди. Бу эса республикамизнинг турли ҳудудларидаги кенгаш аъзолари ва масъул ходимларнинг муҳокамаларда масофадан туриб, фаол иштирок этишини таъминлади.
Мажлис кун тартибидан жами 10 та масала ўрин олган бўлиб, унда асосан Самарқанд ва Тошкент вилоятлари туман (шаҳар) бўлинма кенгашларида Устав талабларига риоя қилиниши, молиявий интизом ва бюджетдан тўғри фойдаланиш ҳолати юзасидан тузилган ишчи гуруҳларнинг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, касаба уюшмаси бюджетининг 2025 йилги ижроси якунлари ҳамда Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти бўйича аввал қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши сарҳисоб қилинди.
Таҳлиллар давомида Самарқанд ва Тошкент вилоятларида амалга оширилган ижобий ишлар эътироф этилиши билан бирга, жойлардаги раҳбарлар фаолиятидаги хато ва камчиликлар кескин танқид остига олинди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ижроия қўмитасининг қарорлари қабул қилинди. Масъулларга жойлардаги камчиликларни 2026 йилнинг 1 майига қадар бартараф этиш бўйича қатъий муддат белгиланди.
Шунингдек:
Бюджет маблағларини фақат Устав талаблари доирасида тежаб-тергаб сарфлаш устидан назоратни кучайтириш;
Ташкилот раислари ва бухгалтерлари иштирокида молиявий ва ташкилий масалалар бўйича ўқув-семинарлар ташкил этиш;
Фаолиятида сурункали хато ва камчиликларга йўл қўйиб келаётган, қарздорликка йўл қўйган касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинмаси раислари ва мансабдор шахсларга нисбатан интизомий ва қонуний жазо чораларини қўллаш белгиланди.
