Хавфсиз меҳнат ва мустаҳкам ҳимоя: Сирдарёда меҳнат муҳофазасига оид янги қарор муҳокама қилинди



Сирдарё туманида таълим ва фан соҳаси ходимлари ҳамда масъул раҳбарлар иштирокида ташкилотларда меҳнат муҳофазасини тўғри ташкил этиш ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим давра суҳбати бўлиб ўтди.
Сирдарё туманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 декабрдаги 819-сонли «Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги қарори тарғиботига бағишланган тадбир юқори савияда ташкил этилди. Тасдиқланган режа асосида ўтказилган мазкур давра суҳбатида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича масъул ходимлар иштирок этишди.
Учрашувда соҳа мутахассислари ва юқори турувчи ташкилот вакиллари ҳозир бўлиб, йиғилганларга тегишли йўналишлар бўйича тушунтиришлар бердилар. Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашининг меҳнат техник инспектори А. Ҳакимов, меҳнат муҳофазаси бўйича етакчи мутахассис Б. Абдуллаев, масъул ташкилотчи А. Мамарасулов ҳамда Сирдарё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи иштирокчилар билан фаол мулоқот олиб бордилар.
Тадбир давомида янги қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг жойлардаги ижросини таъминлаш механизмлари ва таълим муассасаларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш талаблари атрофлича таҳлил қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ва амалиётда учраётган муаммоли саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, қарор ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан батафсил ва қонуний асослантирилган жавоблар олдилар.
Бу каби амалий давра суҳбатлари ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иш жойларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва меҳнат хавфсизлиги маданиятини юксалтиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
