«Соғлом танда – сифатли таълим»: Нукусда таълим ходимлари ўртасида спорт мусобақалари қизғин давом этмоқда






Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида устоз ва мураббийларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида Касаба уюшмаси кубоги учун оммавий спорт мусобақалари старт олди. Қизғин баҳслар ва кўтаринки руҳда ўтаётган ушбу беллашувлар таълим фидойиларининг нафақат жисмоний, балки маънавий тетиклигини ҳам оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур йирик спорт байрами Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сонли Фармони билан эълон қилинган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурининг 34-мақсадида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди. Асосий муддао — аҳоли, хусусан, таълим муассасалари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спорт инфратузилмасини яхшилаш ва ўқитувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун муносиб шароитлар яратишдан иборатдир.
Ушбу оммавий тадбир Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Спорт вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг қўшма қарори асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мусобақаларнинг Нукус шаҳри босқичи шаҳар таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси бўлинмаси, таълим бўлими, 1-сонли спорт мактаби ва Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими ҳамкорлигида 4 та сектор кесимида ташкил этилди. Жумладан, беллашувлар 1-сектор ҳудудидаги 38-мактаб, 2-сектордаги 21-мактаб, 3-сектордаги 32-мактаб ҳамда 4-сектордаги 24-умумий ўрта таълим мактаблари базасида футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича ўтказилиши режалаштирилган.
Мусобақалар жадвалига мувофиқ, жорий йилнинг 7 апрель куни кичик футбол, 8 апрель куни эса хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича кескин ва муросасиз беллашувлар бўлиб ўтди. Майдонда эпчиллик ва чаққонлик намойиш этган энг кучли жамоалар ва иштирокчилар юқори ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди. Ҳар бир секторда ўз йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритган иштирокчилар мусобақанинг навбатдаги шаҳар (2-босқич) босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидан жой олган мазкур спорт беллашувлари тасдиқланган режа асосида навбатдаги кунларда ҳам кўтаринки руҳда давом эттирилади.
