Тошкентда касаба уюшмасининг долзарб вазифалари муҳокама қилинди ҳамда янги китоб тақдимоти ўтказилди



Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси ҳузурида навбатдаги кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди. Йиғилишда тизимдаги мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, истиқболдаги муҳим режалар белгилаб олинди.
Мажлис кун тартибидан касаба уюшмаси фаолиятининг қатор муҳим йўналишлари ўрин олди. Дастлаб, аввал қабул қилинган қарорлар ижросининг ҳолати, молиявий интизомга риоя этилиши ҳамда ишчи гуруҳларнинг жойлардаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, туман бўлинмалари томонидан ҳисобот ва маълумотларни ўз вақтида ҳамда сифатли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишнинг асосий эътибор қаратилган масалаларидан бири — пойтахтда янги ташкил этилаётган давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини касаба уюшмалари тизимига жалб этиш ҳамда аъзолик бадаллари тушуми ҳолати бўлди. Мутасаддиларга бу борада тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Мажлис давомида тизимда ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, ёш авлод ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказиладиган анъанавий «Ёш китобхон» кўрик-танлови ҳамда «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мажлиснинг яна бир муҳим ва эсда қоларли воқеаси сифатида, тадбир доирасида «Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан» номли янги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда таъкидланганидек, ушбу йирик монографик нашрда юртимизда касаба уюшмалари ҳаракатининг тарихий тараққиёти, Мустақил Ўзбекистонни барпо этиш жараёнидаги беқиёс ўрни ва Янги Ўзбекистон шароитида ижтимоий ҳимоя институтини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси илмий-назарий ва амалий жиҳатдан чуқур ёритилган. Китобнинг бой архив ҳужжатлари, тарихий воқеалар иштирокчиларининг хотиралари ва замонавий илмий тадқиқотларга асосланиб тайёрлангани унинг илмий ва амалий аҳамиятини янада ошириши қайд этилди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, соҳадаги ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
