Пайариқда касаба уюшмасининг ташкилий пленуми ўтказилди: Кенгашга янги раис сайланди






Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Пайариқ туман бўлинмаси кенгашининг ташкилий пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўрилиб, бўлинманинг янги раҳбари сайланди.
Пленум ишига Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Самадович Раҳимов раислик қилди. Шунингдек, йиғилишда туман ҳокими ўринбосари Шоҳруҳ Собирович Эшонқулов ҳамда касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Маҳмуд Ҳамид ўғли Бобоёров иштирок этиб, соҳадаги устувор вазифалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.
Пленум кун тартибидан касаба уюшмаси фаолиятига оид қатор муҳим масалалар ўрин олди. Хусусан:
- Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Пайариқ туман бўлинмаси кенгаши раиси Абдужабборхон Нарзуллаевнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш;
- Бўлинма кенгашининг янги раисини сайлаш ва у билан меҳнат шартномаси тузиш;
- Бўлинма кенгаши Ижроия қўмитаси аъзосини сайлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги асосий масала юзасидан сайлов ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, шу кунгача Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли «Маърифатпарварлар» жамияти раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Нариманов Ўктам Қултоевич Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Пайариқ туман бўлинмаси кенгашининг янги раиси этиб сайланди.
Пленум давомида сўзга чиққан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ўктам Хўжамқулов, 84-мактабнинг бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси Дилрабо Султонова ва бошқалар собиқ раис А. Нарзуллаевнинг ўтган даврдаги самарали фаолиятига юқори баҳо бериб, унга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Шу билан бирга, янги сайланган раис Ўктам Наримановнинг келгуси масъулиятли ишларига улкан зафарлар тиладилар.
