Нукусда таълим соҳасида меҳнат муҳофазасига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида таълим муассасаларида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган муҳим ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 819-сонли қарори ҳамда 2016 йил 22 сентябрдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-410-сонли Қонуни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва жойлардаги ижросини жадаллаштириш мақсадида ташкил этилди.

Жорий йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур семинар «Таълим соҳасида меҳнат муҳофазасига оид муаммолар» мавзусига қаторасига бағишланди.

Семинарда соҳа мутахассислари ва масъул раҳбарлар иштирок этиб, муҳим маърузалар билан чиқиш қилдилар. Хусусан:

  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси У. Жалменов;
  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси бўйича бош мутахассиси Д. Самарбеков;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси инспектори М. Сейдуллаев;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашининг меҳнат техник инспектори Б. Утепбергенов.

Тадбирда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг туман ва шаҳар бўлинмалари кенгашлари раислари, туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг меҳнат муҳофазаси бўйича бириктирилган мутахассислари, шунингдек, олий ўқув юртларининг масъул ходимлари, Нукус шаҳридаги таълим муассасаларининг бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раислари ва меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллари фаол иштирок этдилар.

Ўқув-семинарнинг асосий мақсади — таълим муассасаларида иш берувчилар ва ходимлар ўртасида меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасидаги долзарб муаммолар, уларнинг ҳуқуқий ечимлари ҳамда галдаги устувор вазифалар ҳақида кенг ва атрофлича тушунчалар беришдан иборат бўлди. Мутахассислар томонидан меҳнат жамоаларида иш берувчининг қонунчиликдаги мажбуриятлари, меҳнат муҳофазаси бўйича масъуллар ва касаба уюшмаси вакилларининг вазифалари батафсил тушунтирилди.

Очиқ мулоқот ва савол-жавоб руҳида ўтган ўқув-семинар якунида иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашиб, ўзларини қизиқтирган барча ҳуқуқий ва амалий саволларга мутахассислардан аниқ жавоблар олдилар.

Добавить комментарий