Яшнободлик таълим фидойилари учун Самарқандга маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди



Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш ва меҳнаткашларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Нурли маскан» мактаб-интернати жамоаси учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига унутилмас саёҳат уюштирилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички туризмни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар доирасида яна бир хайрли ва амалий ташаббус ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Яшнобод туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» умуммиллий дастури асосида 77-сонли ихтисослаштирилган «Нурли маскан» мактаб-интернатида фидокорона меҳнат қилаётган 50 нафар ходим учун Самарқанд шаҳрига сафар ташкил этилди.
Саёҳатчиларнинг тарихий шаҳардаги илк манзили — Пайариқ туманида жойлашган, ислом оламининг буюк мутафаккири Имом Бухорий мажмуаси бўлди. Сўнгги йилларда қайта бунёд этилган ва янгича қиёфа касб этган ушбу муқаддас зиёратгоҳ ўзининг улкан меъморий ечимлари, бетакрор миллий нақшлари ва замонавий инфратузилмаси билан иштирокчиларда ўчмас таассурот қолдирди.
Мазкур саёҳат таълим фидойилари учун нафақат кундалик иш жараёнларидан сўнг мароқли ва мазмунли дам олиш, балки бой тарихимиз, бебаҳо маданий меросимиз ва миллий қадриятларимиз билан янада яқиндан танишиш имкониятини яратди. Бу каби эзгу ташаббуслар ходимларнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришга, жамоада ўзаро меҳр-оқибат муҳитини шакллантиришга ҳамда жонажон юртимизга бўлган ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
