Наманганда «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида спорт байрами юқори савияда ўтказилди

«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида Наманган шаҳридаги таълим муассасалари ходимлари ўртасида спортнинг беш тури бўйича Касаба уюшмаси кубоги учун қизғин беллашувлар бўлиб ўтди.

Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими тизимидаги умумтаълим мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг педагог ва ишчи-ходимлари ўртасида «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида оммавий спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу йирик тадбирнинг ҳудудий босқичлари жорий йилнинг 8–10 апрель кунлари бўлиб ўтиб, унда шаҳардаги 54 та таълим муассасасидан жами 1800 нафар ходим иштирок этди. Таълим фидойилари спортнинг волейбол (эркаклар ва аёллар), мини футбол (эркаклар), шахмат, шашка ва стол тенниси (эркаклар ва аёллар) турлари бўйича ўзаро куч синашдилар.

Тасдиқланган қўшма қарорга мувофиқ, мусобақанинг энг ҳаяжонли ва ҳал қилувчи шаҳар босқичи 2026 йил 15 апрель куни Наманган шаҳридаги 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби базасида юқори кўтаринкилик билан ташкил этилди. Ушбу финал босқичида 4 та ҳудуддан сараланиб келган, ғолибликни қўлга киритган жами 128 нафар ходимдан иборат спорт жамоалари ўзаро беллашдилар.

Тантанали тақдирлаш маросимини Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси А. Умаров очиб берди. Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Л. Ғаниев, Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х. Абдурахманов, Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи М. Исаев ҳамда таълим ва спорт мактаблари директорлари, масъуллар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Шаҳар босқичида маҳорат ва эпчиллик кўрсатиб ғолиб бўлган спортчилар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгашининг қимматбаҳо совғалари ҳамда ташкилотчиларнинг махсус дипломлари билан тақдирланди. Шунингдек, шаҳар босқичига йўлланмани қўлга киритган барча 128 нафар иштирокчига эътибор кўрсатилди. Бундан ташқари, 4 та ҳудудда мусобақаларни юқори савияда ташкил этишда жонбозлик кўрсатган 8 нафар мактаб директори ва бош ҳакамларга касаба уюшмасининг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

Тадбир сўнгида мусобақа иштирокчилари учун касаба уюшмаси томонидан байрамона тушлик дастурхони ташкил этилиб, барчага хуш кайфият улашилди.

Добавить комментарий