Ёш ўқитувчилар эътибор марказида: Нукусда очиқ мулоқот ва «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди



Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабида ёш педагогларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий-касбий фаоллигини ошириш мақсадида муҳим учрашув ташкил этилди.
Жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан навбатдаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Нукус шаҳридаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган ушбу учрашув таълим соҳасида ўз йўлини бошлаётган ёш мутахассисларга бағишланди. Таъкидлаш жоизки, мазкур таълим муассасаси меҳнат жамоасининг қарийб 30 фоизини айнан ёш ўқитувчилар ташкил этади, бу эса тадбирнинг манзилли ва аҳамиятли эканини янада яққол кўрсатади.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш ҳамда таълим-тарбия жараёнидаги иштироки ва янгича ташаббусларини муносиб рағбатлантиришдан иборат бўлди. Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида очиқ ва самимий мулоқот ўрнатилиб, таълим тизимидаги долзарб масалалар, ёшларнинг қизиқишлари ва келгуси режалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирнинг энг қизиқарли ва ҳаяжонли қисми сифатида ёш ўқитувчилар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди. Мазкур беллашув иштирокчиларнинг нафақат билим ва салоҳиятини, балки тезкор фикрлаш ва жамоа бўлиб ҳаракат қилиш қобилиятларини ҳам синовдан ўтказди.
Қизғин ва муросасиз кечган интеллектуал баҳсларда фаол иштирок этган ва юқори натижаларни қайд этган жамоалар сараланиб, ғолиблар аниқланди. Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди. Бу каби учрашувлар ёш педагогларнинг касбий ривожланишини рағбатлантириш ва жамоавий жипсликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
