Шаҳрисабзда «Соғлом танда – сифатли таълим» спорт мусобақаларининг туман босқичи бўлиб ўтди









Шаҳрисабз туманида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида таълим соҳаси ходимлари ўртасида спорт мусобақалари юқори кўтаринкилик билан ўтказилди ва ғолиблар муносиб тақдирланди.
Жорий йилнинг 17 апрель куни Шаҳрисабз туманида таълим муассасалари ходимларини оммавий спортга кенг жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида навбатдаги спорт байрами ташкил этилди. «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида ўтган мазкур беллашувларда устоз ва мураббийлар турли спорт турлари бўйича ўзаро куч ва чаққонлик синашдилар.
Таълим фидойиларининг кундалик меҳнат фаолиятидан сўнг руҳий ва жисмоний тетикланиши, шунингдек, жамоаларда ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилган ушбу мусобақалар қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Мусобақа якунида фахрли ўринларни эгаллаган ва юқори натижаларни қайд этган ғолиб спортчилар аниқланди. Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгашининг махсус дипломлари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
