Нукусда «Соғлом танда – сифатли билим» спорт мусобақаларининг шаҳар босқичи якунланди








Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида таълим соҳаси ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган «Соғлом танда – сифатли билим» шиори остидаги Касаба уюшмалари кубоги мусобақаларининг шаҳар босқичи ўз ниҳоясига етди.
Мазкур йирик спорт тадбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сонли Фармони билан эълон қилинган «Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» дастури ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг 34-мақсади ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Асосий муддао — аҳоли, хусусан, таълим муассасалари ходимлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, спорт инфратузилмасини яхшилаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун муносиб шароитлар яратишдан иборатдир.
«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида жорий йилнинг 17 апрель куни бўлиб ўтган шаҳар босқичида спортнинг волейбол, мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича муросасиз баҳслар олиб борилди. Унда мусобақанинг 1-ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли жамоалар ва якка тартибдаги иштирокчилар чемпионлик учун ўзаро куч синашдилар.
Қизғин ва тортишувларга бой кечган беллашувлар якунига кўра, фахрли ўринларни эгаллаган ғолиб жамоалар ва иштирокчилар аниқланди. Энг муҳими, ушбу ғолибларга жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган мусобақанинг Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар тақдим этилди.
Тадбир сўнггида барча ғолиб ва фаол иштирокчиларга Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлими кенгаши томонидан тайёрланган қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Республика босқичига йўлланма олган барча спортчи педагогларга келгуси беллашувларда ҳам улкан омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
