Бўкалик тарбиячи «Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026» кўрик-танловининг Республика босқичида совриндор бўлди

Тошкент вилояти Бўка тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 3-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Малика Абсаматова «Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026» касбий кўрик-танловининг Республика финал босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида соғлом рақобатни мустаҳкамлаш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва касбий маҳоратини ошириш мақсадида тизим ходимлари учун 2019 йилдан буён «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик-танлови анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида мазкур танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичлари юқори савияда ташкил этилди. Танловнинг оммавийлиги ва унга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётганини статистика ҳам тасдиқлайди: 2026 йилги туман ва шаҳар босқичларида иштирок этиш учун бутун республика бўйича жами 16 минг 825 нафар номзод рўйхатдан ўтди. Уларнинг 15 минг 820 нафарини давлат мактабгача таълим ташкилотларининг директор ўринбосарлари ва тарбиячилари, 1 минг 5 нафарини эса оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячилари ташкил этди.

Танловнинг Республика финал босқичи ғолибларини рағбатлантириш тизими ҳам алоҳида эътиборга молик. Ғолибларга бир марталик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилади. Шу билан бирга, уларга муҳим касбий ва таълимий имтиёзлар тақдим этилади:

  • Олий маълумотли ғолибларнинг малака тоифалари бир поғонага оширилади;
  • Олий маълумотга эга бўлмаган ғолиблар эса олий таълим муассасаларининг «Мактабгача таълим» йўналишига кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилиниш имтиёзини қўлга киритадилар.

Мусобақанинг Республика босқичида муносиб иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллаган Малика Абсаматовани ушбу ютуғи билан қизғин табриклаб, унинг келгуси касбий фаолиятида янада улкан зафарлар тилаймиз.

Добавить комментарий