Мирзачўлда касб байрами муносабати билан фидойи кутубхоначилар тақдирланди



Мирзачўл туманида «21 май — Кутубхоначилар куни» муносабати билан таълим тизимида ёш авлод қалбида китобга муҳаббат уйғотиш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган кутубхона мудираларини рағбатлантиришга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Мирзачўл тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган кутубхоначиларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди. Хусусан, уларнинг ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ўқувчиларда мутолаа кўникмаларини шакллантириш ҳамда таълим муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш йўлидаги самарали хизматларига юқори баҳо берилди.
Таъкидланганидек, кутубхоначилар — ёшларни илм-фан, маърифат ва сеҳрли китоб оламига етакловчи чинакам фидойи инсонлардир. Уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати жамиятнинг маънавий тараққиётида, шубҳасиз, беқиёс ўрин тутади.
Касб байрами муносабати билан ўзининг фидокорона меҳнати, касбига бўлган юксак садоқати ва таълим тизимидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ кутубхона мудиралари муносиб тақдирланди. Уларга Мирзачўл тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мирзачўл туман бўлинмаси кенгашининг махсус эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
