«Кутубхоначи – маърифат посбони, тафаккур меъмори»: Наманганда касб байрами кўтаринки руҳда нишонланди

Наманган шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабида 21 май — Кутубхоначилар куни муносабати билан соҳа фидойиларини эъзозлашга бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тантанали тадбир Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши ҳамкорлигида «Кутубхоначи – маърифат посбони, тафаккур меъмори» шиори остида юқори савияда ташкил этилди.

Тадбир давомида аҳоли, хусусан, ўқувчи-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уларнинг қалбида мутолаага ва маънавиятга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда кутубхоначиларнинг жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги беқиёс ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди. Байрам тадбирида сўзга чиққан Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи А. Исақов китоб ва маърифат инсон камолотининг энг муҳим омили эканлигини алоҳида таъкидлаб, барча соҳа фидойиларини касб байрамлари билан қизғин табриклади.

Байрам муносабати билан таълим тизимида кўп йиллик самарали меҳнат қилиб келаётган, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ва соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ кутубхоначи ва методистлар давлатимиз ҳамда масъул ташкилотларнинг юксак эътирофига сазовор бўлди. Хусусан, уларга «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вилоят бошқармасининг махсус ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

Маънавий-маърифий тадбир якунида умумтаълим мактабларининг кутубхоначи ва методистлари, қолаверса, вилоят болалар кутубхонаси ходимлари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Наманган шаҳар ва туман бўлинмалари кенгашлари томонидан тайёрланган қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Добавить комментарий