Вобкентда «Сўнгги қўнғироқ»: Битирувчиларга Президент табриги ўқиб эшиттирилди ва иқтидорлилар тақдирланди






Вобкент туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида 2025–2026 ўқув йилининг якунланиши ҳамда битирувчи ёшлар ҳаётида унутилмас из қолдирувчи «Сўнгги қўнғироқ» тадбири тантанали ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Тадбирда мактаб маъмурияти, маҳалла фаоллари, фахрий устозлар ҳамда ота-оналар иштирок этиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган битирувчи ёшларни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этдилар.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бирида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Вобкент туман кенгаши раиси Омон Латипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг битирувчи ёшларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг эзгу тилаклари ва билдирган ишончи ёшларга катта руҳий мадад ҳамда келажакка қадам ташлашлари учун куч бағишлади.
Шунингдек, байрам давомида йил мобайнида фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва турли кўрик-танловларда юқори натижаларни қўлга киритиб, мактаб довруғини тараннум этган бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилар ҳамда уларга билим берган фидойи устозлар эътироф этилди. Улар мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар.
Байрам муносабати билан ҳомийлар томонидан 7-мактабга махсус қўнғироқ совға қилингани ўқувчилар ва барча йиғилганларнинг қувончига янада қувонч қўшди. Жарарангдор сўнгги қўнғироқ садолари остида битирувчилар ўзларининг қадрдон мактаблари ва меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, катта ҳаёт сари янги ва масъулиятли қадамни ташладилар.
