Инсон қадри – меҳр билан улуғ: Шаҳрисабзда фахрий устозлар эъзозланди



Муқаддас Қурбон ҳайити байрами арафасида кексаларни эъзозлаш, уларга меҳр ва оқибат кўрсатишдек халқимизга хос эзгу қадриятлар янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда.
Ушбу қутлуғ айём муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши томонидан эзгу ташаббус амалга оширилди. Тумандаги таълим тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёш авлод тарбияси йўлида фидокорона хизмат кўрсатган фахрий устозлар ҳамда ўз касбининг моҳир эгаларининг хонадонларига байрам ташрифлари уюштирилди.
Йўқловлар давомида нуроний устозларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга касаба уюшмасининг байрам табриклари тақдим этилди. Мулоқотлар жараёнида устозларнинг таълим соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссалари яна бир бор эътироф этилиб, уларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашилди.
Бу каби хайрли ва савобли тадбирлар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакиллари ва устозларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада боғлашга муносиб хизмат қилади.
