Таълим фидойилари эъзозда: Бухоролик устозларнинг пойтахтимизга мазмунли саёҳати ташкил этилди

Ёзги таътил олдидан Бухоро вилоятида фаолият юритаётган, ўқув йилини юқори натижалар билан якунлаган бир гуруҳ мактаб директорлари ҳамда фидойи педагогларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри бўйлаб маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди.

Мазкур йирик лойиҳа Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан, тизимдаги ҳамкор ташкилотлар иштирокида юқори ташкилий савияда амалга оширилди. Таълим соҳаси заҳматкашларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш мақсадида ташкил этилган бу галги саёҳат устозлар ҳаётида унутилмас ёрқин саҳифаларга бой бўлди.

Саёҳат дастурининг дастлабки куни иштирокчилар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Пойтахтимизда муаллимлар шарафига бағишлаб кўтаринки руҳдаги маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир давомида эл ардоғидаги таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган дилтортар куй-қўшиқлар саёҳат иштирокчиларига кўтаринки кайфият ва унутилмас қувонч улашди. Касаба уюшмаси томонидан яратилган бундай шароитлар ўқитувчиларнинг бир йиллик толиқишларини ёзиб, руҳий тетикланишига хизмат қилди.

Сафарнинг иккинчи куни ҳам маънавий озиқ берувчи воқеаларга уланиб кетди. Педагоглар юртимизнинг бой тарихи, илмий ва диний салоҳиятини ўзида мужассам этган улуғвор мажмуа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Аждодларимизнинг буюк илмий мероси, дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар ва тарихий манбалар устозларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, саёҳат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев иштирокида педагоглар билан самимий ва очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, ўқитувчиларни ҳар томонлама ижтимоий ва касбий қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ривожланиши учун яратилаётган янги имкониятлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан бу каби хайрли лойиҳаларнинг мунтазам йўлга қўйилиши соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда навбатдаги ўқув йилига янги куч, ғайрат ва илҳом билан қадам қўйишлари учун мустаҳкам замин яратади.

Добавить комментарий