Наманганда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми бошланди: 70 нафар болажон оромгоҳларга кузатилди

Ёзги таътил – болажонлар учун йилнинг энг интиқиб кутиладиган, қувончли ва мароқли даври. Ушбу беғубор вақтни мазмунли, хавфсиз ва фойдали ўтказишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий 2026 йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми юқори тайёргарлик ва кўтаринки руҳда бошланди. Мавсумнинг 1-навбати доирасида таълим соҳасида меҳнат қилаётган фидойи ходимларнинг фарзандлари учун вилоятимизнинг энг сўлим ва баҳаво гўшаларида жойлашган сўлим оромгоҳларга йўлланмалар ажратилди.

Хусусан, биринчи давранинг ўзида жами 70 нафар болажонлар қуйидаги оромгоҳларга уюшқоқлик билан кузатилди ва жойлаштирилди:

  • Янгиқўрғон туманидаги «Нанай» болалар оромгоҳига – 25 нафар;
  • ☀️ Поп туманидаги «Офтобча» болалар оромгоҳига – 20 нафар;
  • 🌱 Уйчи туманидаги «Умид ниҳоллари» болалар оромгоҳига – 15 нафар;
  • 🌊 Чуст туманидаги «Оби ҳаёт» болалар оромгоҳига – 10 нафар.

Болажонларни оромгоҳларга кузатиш ва жойлаштириш жараёнлари касаба уюшмаси масъулларининг бевосита назорати остида, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ёзги дам олиш масканларида болаларнинг сифатли овқатланиши, мазмунли дам олиши ва турли тўгаракларга жалб этилишини таъминлаш мақсадида молиявий масалалар ҳам ўз вақтида ҳал этилди. Оромгоҳларнинг ҳисоб рақамларига касаба уюшмаси маблағлари ҳамда ота-оналар бадали тўлиқ миқдорда ўтказиб берилди.

Касаба уюшмасининг бундай доимий эътибори ва ғамхўрлиги болажонларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказиши, табиат қўйнида чиниқиб, соғлом ва тетик бўлиб вояга етишлари ҳамда янги ўқув йилига катта куч-ғайрат тўплаб қайтишлари учун мустаҳкам замин яратади.

Добавить комментарий