«Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари»: Шаҳрисабзда ёзги соғломлаштириш оромгоҳларининг биринчи мавсумига старт берилди



Ёзги таътил — болажонлар интиқиб кутадиган, қувонч ва саргузаштларга бой энг мароқли даврдир. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ушбу вақтини мазмунли, фойдали ва хавфсиз ўтказишини таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз туманида ёзги соғломлаштириш мавсуми кўтаринки руҳда бошланди.
Бугун, 5 июнь куни туманда «Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари» шиори остида болалар оромгоҳларининг 1-мавсуми расман ўз иш фаолиятини бошлади.
Ушбу хайрли ишларнинг бошида турган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши томонидан тизимда фидокорона меҳнат қилаётган педагог ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, устозларнинг фарзандлари ёзги таътилни бетакрор табиат қўйнида, соғлом ва мароқли ўтказишлари учун касаба уюшмаси томонидан ажратилган махсус йўлланмалар асосида соғломлаштириш оромгоҳларига уюшқоқлик билан жойлаштирилди.
Оромгоҳларда болажонларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Мавсум давомида малакали тарбиячи ва етакчилар томонидан ўтказиладиган турли спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар, қизиқарли тўгараклар ва маданий-маърифий тадбирлар ўғил-қизларнинг нафақат жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига, балки уларнинг дунёқараши ва билимлари янада бойишига хизмат қилади.
Касаба уюшмасининг бу каби эътибори ва ғамхўрлиги туфайли педагогларнинг фарзандлари ёзги таътилни чинакам қувонч билан ўтказиб, янги ўқув йилига катта куч-ғайрат ва ёрқин таассуротлар билан қайтишлари шубҳасиз.
