Ўзбекистон касаба уюшмаси делегацияси Қозоғистондаги «Халқаро ёш устозлар ёзги оромгоҳи»да иштирок этди



Жорий йилнинг 22–26 июнь кунлари Қозоғистон Республикасида таълим соҳаси ходимлари ва касаба уюшмалари ёш фаолларини бирлаштирган йирик халқаро тадбир — «Халқаро ёш устозлар ёзги оромгоҳи» бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли тадбир Қозоғистон маориф, фан ва олий таълим тармоқ касаба уюшмасининг расмий таклифига биноан ташкил этилиб, унда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида қатор мартабали меҳмонлар ва соҳа мутасаддилари сўзга чиқди. Хусусан, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси С.Т. Даулеталин, Қозоғистон маориф, фан ва олий таълим тармоқ касаба уюшмаси раиси А.М. Мукашева ҳамда Л.Н. Гумилёв номидаги Евросиё миллий университети Замонавий тадқиқотлар институти директори М. Сидиқназаровлар барча иштирокчиларни қутлаб, халқаро ҳамкорликнинг бугунги кундаги аҳамиятини таъкидладилар.
Оромгоҳ доирасида ёш педагоглар ва лидерларнинг билим ҳамда малакасини оширишга қаратилган турли долзарб мавзуларда семинар ва тренинглар ташкил этилди:
- «Қозоқ давлати ва туркий мамлакатларнинг тарихий картографияси ва географияси: тарихда туркий мамлакатларнинг давлатчилиги. IX–XIX асрлар ғарб ва шарқ хариталарида туркий давлатлар»
- «Глобаллашув шароитида миллий ўзликни сақлашда Абай ва Шакаримнинг миллий мероси»
- «Сунъий интеллект даврида таълим беришнинг янги методлари»
- «Ўз ҳуқуқингни ўрган»
- «Касаба уюшмаси ёш лидерларининг психологик кўникмалари»
Кун тартибида муҳокама қилинган ушбу мавзулар ёш ўқитувчилар ва касаба уюшмаси фаолларининг касбий ҳамда ижодий маҳоратини ошириш, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шунингдек, глобаллашув жараёнларида миллий маданиятни сақлаш, тарихий ўзликни англаш ва жамоавий муносабатларни шакллантириш механизмларини ўрганиш тадбирнинг асосий мақсадларидан бири бўлди.
Форум дастури нафақат илмий-амалий машғулотлар, балки маданий-маърифий ва спорт тадбирларига ҳам бой бўлди. Иштирокчилар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида «Заковат» интеллектуал ўйини ва миллий спорт турлари бўйича муросасиз мусобақалар ташкил этилди. Бундан ташқари, делегациялар учун гўзал табиатга эга бўлган «Бурабай» туризм марказига мароқли саёҳат уюштирилди.
Тадбир якунида томонлар Туркий давлатлар ва Марказий Осиё мамлакатларининг таълим ходимлари ҳамда касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва келгусида бу каби манфаатли тадбирларни анъанавий тарзда давом эттириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан якдил фикр алмашилди.
