Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!






Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё ва Жиззах вилоят Кенгашларида тантанали байрам тадбирлари ташкил этилди.
Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, озод ва фаровон ҳаётга бўлган эзгу мақсадлари рўёбга чиққан, миллий қадриятларимиз, тилимиз, маданиятимиз ва маънавий меросимиз янада юксалган буюк тарихий неъматдир. Шу боис юртимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами — давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар халқимизнинг Ватанга садоқати, юртга дахлдорлик туйғуси ва эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Айниқса, давлат ва жамият тараққиётининг муҳим таянчи бўлган таълим ва фан соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб эътироф этиш, уларни рағбатлантириш ҳамда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирлар алоҳида аҳамият касб этди.
Тантанали тадбирларда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Худдиев Мирзакарим Муминович, маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Ходжаев Иззатилло Наимович, Республика кенгашининг вилоятлардаги масъул ташкилотчилари, шунингдек, вилоят ва туман касаба уюшмалари ташкилотларининг фаоллари, таълим ва фан соҳасида меҳнат қилаётган фидойи устозлар, ташаббускор ходимлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим ва фан соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, педагог ва илмий ходимларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида фикрлар билдирилди. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, илмий салоҳиятни юксалтириш борасида устоз ва мутахассисларнинг меҳнати беқиёс экани алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, бугун таълим ва фан тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир устознинг фаолияти замирида юртимизнинг эртанги тараққиёти, билимли ва салоҳиятли авлодни тарбиялашдек юксак мақсад мужассам. Ўқитувчи ва мураббийларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнати жамият тараққиётининг барқарор ва мустаҳкам пойдеворини яратади.
Шу нуқтаи назардан, касаба уюшмаларининг таълим ва фан ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, маданий-маърифий тадбирларга кенг жалб этиш борасидаги фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Байрам тадбирларида касаба уюшмалари тизимида ҳамда таълим ва фан соҳасида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, ўзининг фидойилиги, ташаббускорлиги ва касбий маҳорати билан жамоаси ва соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимлар алоҳида эътироф этилди.
Уларнинг кўп йиллик самарали меҳнати, жамоат ишларидаги фаол иштироки, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига қўшаётган ҳиссаси, ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги фидокорона хизматлари муносиб тақдирланди. Фаол ва ташаббускор ходимларга турли даражадаги фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар барча иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, юртимизда тинчлик ва осойишталик, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги эзгу ишлар бардавом бўлишини тиладилар.
Тадбирларда янграган Ватан, истиқлол, тинчлик ва юрт ободлиги ҳақидаги дил сўзлари, маданий-бадиий чиқишлар ва самимий табриклар байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Иштирокчилар мустақилликнинг қадрини англаш, уни асраб-авайлаш ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини яна бир бор ҳис этдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва юртимизни янада тараққий эттиришдан иборат. Бу эзгу мақсадларни амалга оширишда таълим ва фан ходимларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, замонавий билим ва юксак маънавиятга эга авлодни тарбиялаш орқали мамлакатимизнинг интеллектуал ва илмий салоҳияти янада юксалади.
Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган мазкур тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, таълим ва фан ходимларини янги ютуқлар сари руҳлантирди. Айни пайтда, касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилаётган фаоллар ва таълим соҳаси вакилларининг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ҳамда ўзаро ҳамкорлиги янги ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим замин яратмоқда.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя атрофида бирлашган юртдошларимиз истиқлол берган имкониятларни қадрлаб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилишда давом этмоқдалар.
Зеро, мустақиллик — нафақат тарихий сана, балки бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг, эртанги порлоқ келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ушбу улуғ байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирлар эса Ватанга муҳаббат, касбга садоқат, меҳнатга ҳурмат ва эзгу мақсадлар сари интилиш туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
