Меҳнат низоларининг олдини олиш ва қонунийликни таъминлаш: Тошкент вилоятида соҳа ходимлари учун семинар бўлиб ўтди



Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида таълим тизимида меҳнат низоларининг олдини олиш, соҳада учраётган муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган кенгайтирилган семинар ва очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур нуфузли йиғилишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси Сайёра Файзиева, Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юрисконсульти Дилбар Мухамедалиева, шунингдек, барча туман ва шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари бошлиқлари иштирок этдилар.
Тадбир қамровини янада кенгайтириш мақсадида семинарга туман ва шаҳар бўлимлари биноларидан онлайн (ZOOM) шаклда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари, таълим ташкилотларидаги бошланғич касаба уюшмалари раислари ҳам кенг жалб этилди.
Очиқ мулоқот давомида таълим муассасаларида қуйидаги долзарб масалалар юзасидан батафсил маълумот ва амалий тавсиялар берилди:
- Меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий ва сўзсиз риоя қилиш;
- Ишга қабул қилиш, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ва ходимларни ишдан бўшатиш тартиб-қоидалари;
- Меҳнат интизоми, иш ва дам олиш вақтларини тўғри ташкил этиш;
- Меҳнат таътилларини бериш ва ходимларни моддий рағбатлантириш;
- Ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Шунингдек, таълим муассасаларида кўп учрайдиган айрим муаммоли ҳолатлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Меҳнат муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда меҳнат низоларини судгача ҳал этиш механизмларини самарали қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчилар томонидан берилган кўплаб саволларга масъул раҳбарлар ва мутахассислар, хусусан, Республика кенгаши бош юрисконсульти Дилбар Мухамедалиева томонидан амалдаги меҳнат қонунчилиги ва соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мазкур семинар ва очиқ мулоқот таълим тизимида меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган меҳнат низоларининг барвақт олдини олишга хизмат қилувчи муҳим амалий майдон бўлиб хизмат қилади.
