Томдилик педагоглар учун Зомин, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари бўйлаб мазмунли саёҳат ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан жойларда «Янги Ўзбекистон ёшлари нигоҳида» шиори остида ўтказилаётган «Ёшлар куни» доирасидаги тадбирлар қизғин давом этмоқда.

Мазкур тадбирлар режа-графигининг 6-банди — «Ички туризм куни» ижросини таъминлаш, шунингдек, таълим соҳаси заҳматкашларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Томди туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан навбатдаги хайрли лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида Томди тумани ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг фидойи педагог ходимлари учун республикамизнинг сўлим ва тарихий гўшалари — Зомин, Самарқанд ҳамда Тошкент шаҳри бўйлаб маданий-маърифий саёҳат уюштирилди.

Саёҳат давомида устозлар дастлаб табиати бетакрор Зомин туманида бўлиб, мусаффо ҳаво ва сўлим масканлардан баҳраманд бўлдилар. Касаба уюшмаси томонидан яратилган бундай имконият педагоглар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда жамоавий бирдамлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Сафарнинг кейинги манзилларида иштирокчилар азим Самарқанд ва пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги тарихий-меъморий обидалар, муқаддас қадамжолар ҳамда замонавий бунёдкорлик иншоотларини зиёрат қилдилар. Буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маданий мероси билан яқиндан танишиш устозларда катта таассурот қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган бундай маданий-маърифий саёҳатлар соҳа ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг тарихий хотираси ва миллий ғурурини юксалтириш, шунингдек, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Добавить комментарий