Қирғизистонда таълим ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясига бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди



Жорий йилнинг 8–11 июль кунлари Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятида «Таълим ходимларининг ҳуқуқий ҳимояси: замонавий шароитда касаба уюшмаларининг ўрни» мавзусида нуфузли халқаро минтақавий семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси делегацияси хизмат сафари билан иштирок этди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг 2026 йил 19 июндаги 1530-сонли кўрсатмаси ҳамда Қирғизистон Республикаси таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий қўмитасининг расмий таклифномасига асосан амалга оширилди. Делегация таркибида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари, делегация раҳбари М. Бобоёров ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассис Д. Самарбековлар қатнашди.
Семинарнинг асосий мақсади касаба уюшмаларининг Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) стандартларига, хусусан, 190-сонли Конвенцияга мувофиқ гендер тенглиги, камситишга йўл қўймаслик ва хавфсиз ҳамда соғлом меҳнат шароитларини тарғиб қилиш имкониятларини янада мустаҳкамлашга қаратилди. Тадбирда касаба уюшмаларининг эркинлиги, жамоавий музокараларнинг асосий ҳуқуқлар сифатида эътироф этилиши, шунингдек, рақамлаштириш ва таълим соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ янги психосоциал хавфлар каби муҳим масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Юқори савияда ташкил этилган ушбу халқаро тадбирда Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг тармоқ касаба уюшмалари вакиллари иштирок этди.
Семинар доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан келгуси беш йилликда педагог ходимларнинг мавқеини кўтариш ва уларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш борасида қуйидаги 7 та устувор йўналиш таклиф этилди:
- «Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари» шиори остида фаолият юритиш.
- Фаолиятни рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш.
- Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини кучайтириш ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш.
- Муассасаларда иш ҳақи ўз вақтида тўланишини, энг кам миқдор стандартларига риоя этилишини назорат қилиш, ноқонуний ушлаб қолишлар ва камситишларга йўл қўймаслик.
- Меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш, вакиллар фаолиятини муносиб рағбатлантириш.
- Ходимларнинг муносиб ва бехатар меҳнат шароитларига эга бўлиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш.
- Давлат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, хусусий секторда фаолият юритаётган ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига кенг жалб этиш.
Халқаро семинар якунида ХМТ стандартларини чуқурроқ тушуниш, минтақадаги касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уларни миллий даражада амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар ва амалий стратегиялар режаси ишлаб чиқилди.
